Тошкент шаҳар ИИББда жиноятчиликка қарши кураш натижалари таҳлил қилиниб, камчиликлар ва устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-04-30 13:40:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар ИИББда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи, генерал-майор Ботир Қудратхўжаев, Ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари, полковник Рустам Мирзаев, Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев, ҳудудий тузилмалар бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар бошлиқлари ва бошқа мутасаддилар иштирокида таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг 3 ойи давомида пойтахт ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Президентимизнинг жорий йил бошида қабул қилган қарорида белгилаб берилган маҳаллаларда ишлаш, жиноятнинг асл келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этишга комплекс ёндашиш, маҳалла, мутасадди ташкилотлар, фуқаролар фаоллигини йўлга қўйиш борасида қатъий сўров тизими белгилаб берилган эди. Бош бошқарма бошлиғи амалга оширилган ижобий ишларга тўхталар экан, қарорнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилиб, ижросини самарали таъминлаш натижасида пойтахт ҳудудида умумий жиноятчиликнинг 2,5 фоизга камайишига эришилгани (6 576 та жиноят), олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар эса 10,7 фоизга камайгани қайд этди. Маърузачи томонидан таъкидланганидек, ИИО ходимларининг шахсий ташаббуслари билан аниқланадиган жиноятлар 1 915 тани ташкил қилиб, 15 фоизга яхшиланган.
Гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 120 кг 260 гр гиёҳвандлик воситалари ҳужжатлаштириб олиниб, аҳоли орасида тарқалиши тўхтатиб қолинган.
Тергов ва суд идораларидан қочиб яшириниб юрган 338 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги принципи таъминланган.
Пойтахт ҳудудида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш борасида, ҳамкор хизматлар билан биргаликда тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилиши натижасида 67 та жиноий ҳолат аниқланиб, 76 нафар шахслар жавобгарликка тортилган.
Лекин бу ютуқлар хотиржамликка асос бўлолмаслиги, зотан пойтахтнинг барча туманларида ижобий ўзгаришлар талаб даражасида кузатилмаганлиги таъкидланди. Амалга оширилган профилактик ишлар натижадорлиги ва йўл қўйилган камчиликлар ҳар бир туман кесимида таҳлил этилиб, туман ИИО ФМБ айрим раҳбарлари фаолиятига ҳақли эътирозлар билдирилиб, аксарият соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга ҳисобот даврида ходимлар томонидан хизмат ва ижрочилик интизомини бузиш ҳолатларига тўхталиб ўтилиб, ички ишлар органлари тизимида ташкил этилган янги комплаенс хизмати фаолияти ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида фаолияти давомида қатор жиддий камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъулларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида 2 нафар раҳбарлар эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, 18 нафар раҳбар ва масъуллар интизомий жазога тортилди.
Шулар баробарида хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган ходимларнинг хизматлари муносиб рағбатлантирилди. Йиғилиш сўнгида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан раҳбарларга, соҳа масъулларига тегишли кўрсатмалар берилиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати



