ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти ташаббуси билан Навоий вилояти ИИБда жиноят ишларини юритишда замонавий ёндашувларни жорий этишга бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди
2026-04-30 12:20:00 / Янгиликлар

Мазкур семинар жиноят ишларини тамомлашда процессуал муддатларни белгилаш бўйича янгича амалиётни ҳаётга татбиқ этиш, тергов сифатини ошириш ҳамда жиноят ишларини қисқа муддатда самарали якунлашни таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Семинарга Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Мансур Саттаров раҳбарлик қилди. Унда Навоий вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, шаҳар ва туманлар прокурорлари, уларнинг соҳавий ўринбосарлари, вилоят ва ҳудудий ИИО раҳбарлари, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи масъул ходимлар иштирок этди.
Семинар давомида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят ишларини қисқа муддатларда тамомлашга қаратилган “Сурхондарё тажрибаси”ни Навоий вилоятида жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу амалиётнинг ўзига хос жиҳатлари сифатида терговга қадар текширувни тўлиқ, ҳар томонлама ва сифатли ўтказиш, ортиқча процессуал кечикишларга йўл қўймаслик, жиноят ишларини тезкор ва адолатли ҳал этиш каби йўналишлар алоҳида таъкидланди.
Жараёнда жиноят-процессуал кодекси талабларига қатъий риоя қилиш, иш доирасидаги барча ҳолатларни холисона ўрганиш, далилларни қонуний асосда тўплаш ва баҳолаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек тергов жараёнларини процессуал тартибда тўғри расмийлаштириш, ходимларнинг касбий малакасини мунтазам ошириб бориш ва амалиётга илғор тажрибаларни кенг жорий этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Қайд этилганидек, мазкур чора-тадбирлар жиноят ишларини тезкор, сифатли ва қонун талабларига тўлиқ мувофиқ равишда тамомлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш, сарф-харажатларни камайтириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга замин яратади.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати



