Бухоро вилояти ИИБда кадрлар масаласи ва хизмат интизоми муҳокама қилинди
2026-04-30 11:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида вакант ўринларни муносиб номзодлар билан тўлдириш, кадрлар масаласи ҳамда хизмат интизомини янада кучайтиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирга вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлик қилди. Дастлаб ходимларни ҳушёрликка чорловчи, коррупцион ҳолатларнинг аянчли оқибатлари ҳаётий мисоллар орқали очиб берилган махсус видеоролик намойиш этилди. Тамагирлик ва ваколат доирасидан четга чиқиш каби иллатларга нисбатан мутлақо тоқатсизлик муносабатини шакллантириш бўйича барча ходимлар қатъий огоҳлантирилди.
Шундан сўнг, сафдор, сержант ва офицерлар қаторидаги бўш лавозимларга кўзда тутилган номзодларнинг шахсий таркиб бўйича буйруқ лойиҳалари муҳокама қилинди.
Бошқарма бошлиғи ходимлар билан бевосита суҳбатлашиб, олдинда турган энг муҳим ва устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди. Айниқса, ички ишлар органларини халқ дарди билан яшайдиган чинакам халқпарвар тизимга айлантириш, ходимларни ўз касбига фидойилик руҳида тарбиялаш ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан тоқатсиз муносабатда бўлиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, йиғилиш давомида хизмат интизоми ҳамда қонунчилик талабларига риоя этмаган ҳар қандай даражадаги ходим ёхуд раҳбарларга нисбатан энг қатъий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди. Тизимда юз берадиган ҳар қандай қонунбузарлик ёки салбий ҳолатга фавқулодда вазият даражасида ёндашилиши маълум қилинди.
Учрашув якунида янги тайинланган ёш кадрлар учун тизимнинг мақсад-вазифалари, уларнинг бевосита хизмат бурчлари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли билан мулоқот жараёнида юксак муомала маданиятига амал қилиш бўйича батафсил кўрсатма ҳамда тушунтиришлар бериб ўтилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



