От изини той босар. Шарафли касб давомчиси
2026-04-30 08:10:00 / Янгиликлар

Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида болалик орзулари алоҳида ўрин тутади. Айниқса, ота-онаси касбига ҳавас билан қараб улғайган фарзандлар болаликданоқ меҳнат, масъулият ва фидойиликни ўз кўзи билан кўриб катта бўлишади.
Самарқанд вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот гуруҳи кичик инспектори, сафдор Акрамжон Толибов ҳам отаси — Самарқанд шаҳар ИИБда масъул лавозимда хизмат қилган майор Равшан Ҳамидовга ҳавас қилиб катта бўлди. Отасининг касбига масъулият билан ёндашиб, баъзан хизматдан чарчаб кеч қайтсада, яна чақириқ туфайли ишга чиқиб кетганини, тунда кетиб, тонгда қайтганини ўз кўзи билан кўрди. Падари бузрукворининг Ватанимизга бундай садоқат ва фидойилик билан хизмат қилгани, унинг қалбида отасига ва унинг касбига нисбатан чексиз ҳурмат пайдо қилди, десак, муболаға бўлмайди.
- Отам бугунги кунда истеъфода бўлсада, ҳар куни ўгит, маслаҳат ва насиҳатлар бериб туради. «Болам, касбингнинг машаққатли томонлари кўп, уларга сабр-тоқат қилиш керак. Хизматга лоқайдлик билан қарамасдан, ҳушёрликни бир дам ҳам йўқотмасдан хизмат қилсанг, ҳалол ва пок ишласанг, ҳамкасбларинг орасида обрў топасан, эл олдида юзинг ёруғ бўлади», — деган сўзларини ўзимга шиор қилиб олганман, — дейди қаҳрамонимиз. -Баъзан одамлардан «Отангга раҳмат, укам», — деган гапни эшитганда вужудим титраб кетади.
Дарҳақиқат, унинг дуосини олганлар, унинг изидан борганлар ҳеч қачон кам бўлишмаган. Сафдор Акрамжон Толибовнинг падари бузруквори ишончини оқлаш, шарафли оиласи номига муносиб бўлиш учун халққа сидқидилдан хизмат қилаётганини кўриб, ҳалоллик, поклик, фидойилик сингари туйғулар ҳам отадан болага ўтар экан, деган фикрга келдик. Акрамжон Толибов ҳаёти ва хизмати бунга яққол мисол, десак, сира муболаға бўлмайди.
Умида МАМАДАЛИЕВА, ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
