ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган “Қорасув” ҳамда “Банокатий” маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш бўйича амалий ишлар ўрганилди
2026-04-29 16:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳит яратиш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич томонидан Миробод туманида жойлашган Қорасув ҳамда Банокатий маҳаллаларида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлардаги ҳолатлар таҳлил қилиниб, уларда хавфсизликни таъминлаш бўйича мавжуд камчиликлар кўриб чиқилди.
Мазкур ҳудудлардаги маҳалла масканлари, спорт комплекслари, олиб борилаётган қурилиш ишлари кўздан кечирилиб, видеокузатув тизимларини кенгайтириш, ёритиш мосламаларини яхшилаш, хавфсизлик талабларига риоя этилиши юзасидан ҳам амалий чоралар белгиланди.
Шу билан бирга, Қорасув ҳамда Банокатий “маҳалла еттилиги” — яъни маҳалла раиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, нуронийлар ва бошқа мутасаддилар ҳамкорлигида ишлар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Уларнинг аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиб, муаммоларни жойида ҳал этиши муҳим экани таъкидланди.
Ташриф якунида масъулларга ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи




