Тадбир. Маҳорат даргоҳи
2026-04-28 23:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ташкил этилганлигига 5 йил тўлиши муносабати билан таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, соҳа фахрийлари ҳамда тингловчилар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Ўтган қисқа давр мобайнида институт ички ишлар органлари учун Профессионал кадрлар тайёрлаш ва ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш йўлида ўзига хос маҳорат мактабига айланди.
Институт бошлиғи, полковник Олимжон Аҳмедов тантанали маросимни очаркан, таълим даргоҳининг бой тарихи, беш йиллик фаолият сарҳисоби, ташкил этилган ўқув курсларининг статистик таҳлили ва муассасанинг илмий салоҳиятига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, халқаро ҳамкорлик алоқалари, ходимларнинг хорижий хизмат сафарлари, моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ҳамда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари хусусида гапирди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари институт равнақи йўлида фидокорона хизмат қилиб, таълим сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган жамоа вакилларини тақдирлаш жараёни бўлди.
Уларга махсус таъсис этилган эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида болим, кафедра ва цикл раҳбарлари томонидан таълимга замонавий технологияларни жорий этиш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида эришилган ютуқлар акс этган тақдимотлар намойиш этилди.
ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг чиқишлари тадбирга ўзгача файз бахш этди. Институт тингловчилари томонидан ижро этилган шўх рақслар эса йиғилганларга хуш кайфият туҳфа этди.
Шунингдек, кўп йиллик тажрибаси билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган соҳа фахрийлари ҳам эътибордан четда қолмади — уларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
©️ “Postda” газетаси
