«Намунали оила» кўрик-танлови: вазирлик соҳавий хизматлари ўртасида саралаш босқичи ўтказилди
2026-04-27 19:55:00 / Янгиликлар

«15 май – Халқаро оила куни» муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ вазирлик Маданият саройида «Намунали оила» кўрик-танловининг дастлабки саралаш босқичи ташкил этилди. Тадбир оила институтини мустаҳкамлаш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилди.
Танловда вазирлик тизимида хизмат қилаётган ходимлар оилалари иштирок этиб, «Таништириш», «Бу менинг оилам» ва «Биз китобхон оиламиз» шартлари бўйича ўз салоҳиятларини намоён этдилар. Иштирокчилар миллий анъаналар, оилавий муносабатлар, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ёрқин чиқишлар орқали намойиш этдилар.
Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, қуйидаги натижалар қайд этилди:
1-ўринни — майор Ихтиёр Абдуллаев оиласи;
2-ўринни — капитан Қобилжон Халилов оиласи;
3-ўринни — катта лейтенант Баҳодир Бурхонов оиласи эгаллади.
Шунингдек, сержант Жасур Ўтаев оиласи «Ибратли оила бошлиғи» номинациясига муносиб деб топилган бўлса, биринчиликка сазовор бўлган Абдуллаевлар оиласи танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Маданий дастурлар билан бойитилган тадбир иштирокчилар ва томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.









