Долзарб мавзу. Наркожиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши кураш янгича иш услублари самара беряпти
2026-04-27 18:00:00 / Янгиликлар

Самарқанд шаҳрида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида ўтказилган глобал форум Ўзбекистоннинг наркожиноятларга қарши курашишдаги ўзгармас позицияси ва бу йўлда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги янги лойиҳаларининг амалий кўриниши бўлди.
БМТ, Интерпол, Европа Иттифоқи, ШҲТ, МДҲ, Жаҳон божхона ташкилоти каби 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот, 50 га яқин давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари, 500 га яқин халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этган ушбу нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистоннинг минтақадаги мураккаб жойлашувига қарамай, наркожиноятларга қарши курашишдаги дадил қадамлари ва эришаётган ижобий ютуқлари эътироф этилди.
Мамлакатимизда сўнгги 10 йилда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш йўналишида янгича иш услублари амалиётга жорий этилаётгани самара беряпти. Нисбатан қисқа муддатда 22 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 6 майдаги “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2024–2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.
Президентимиз 2025 йил 3 ноябрь куни миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда йил бошидан буён Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳвандлик воситаси олиб қўйилгани таъкидланди.
Шунингдек, соҳадаги салбий тенденциялар таҳлил қилинди. Жумладан, истеъмоли енгил, яшириш ва тарқатиш қулай, дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар анъанавий наркотиклар ўрнини эгаллаётгани, улар асосан ёшлар орасида тарқалаётгани, синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ўша куннинг ўзида “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатдан кўзланган мақсад гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлиги ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилашдан иборат эди.
Фармон билан Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури тасдиқланди. Миллий дастурда 52 та устувор йўналиш ва уларни бажаришда алоҳида чора-тадбирлар белгиланди.
Республикада наркожиноятчиликка қарши курашиш йўналишида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида тезкор-қидирув фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Жумладан, 2025 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 15 минг 412 та наркожиноят, синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган 14 та нарколаборатория ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола қадоқловчи цех аниқланди. Гиёҳвандлик воситалари савдосини тарғиб қилувчи интернет-наркодўкон акс эттирилган 13 минг 170 та “наркограффит” аниқланиб, йўқ қилинди.
Наркожиноят содир этган 11 мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Ноқонуний муомаладаги 3 тонна 775 килограмм гиёҳвандлик воситаси ўрнатилган тартибда йўқ қилинди. “Қора бозор”даги тахминий нархи 14 миллион долларга тенг 2 миллион 55 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситаси олинди.
Бу жараёнда биринчи ўринда профилактик тадбирларга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳар йили февралда “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс тезкор-профилактик тадбири мунтазам ўтказилмоқда. Бундан ташқари, спорт мусобақалари, тасвирий санъат кўрик-танлови, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, челленж, “Қувноқлар ва зукколар” ўйини, марафонлар ташкил этилди.
Жорий йил 27 январда бўлиб ўтган йиғилишда наркотикларга қарши курашишда давлат органлари фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, қатор муҳим вазифалар белгиланганди. Хусусан, ўтган йилда пойтахтда наркотикка ружу қўйган 1500 дан ортиқ шахс расман рўйхатга олингани, ачинарлиси, “соя”да бўлган гиёҳвандларнинг сони бундан ҳам кўплиги қайд этилди.
Ушбу иллатга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида бундан буён “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс тезкор-профилактик тадбири йил давомида 3 босқичда ташкил этилиши белгиланди. Унинг биринчи босқичи жорий йил февралида ўтказилди. Тадбир давомида таълим ташкилотлари, корхона-ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда таниқли, обрў-эътиборга эга шахслар иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари уюштирилди. Маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, бемақсад ва ишсиз юрганлар ҳамда муқаддам судланганлардан 640 нафарининг бандлиги таъминланди.
Аср вабосига қарши курашишда кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ҳам самара бермоқда. Хусусан, “Қора дори — 2025” тадбири давомида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган экинларни етиштириш билан боғлиқ 1500 га яқин жиноят аниқланди. Бу ҳолат йил давомида аниқланган ушбу турдаги жиноятларнинг 70 фоизини ташкил этди. Қарийб 27 минг квадрат метр майдонда етиштирилаётган гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди. Шунингдек, заҳриқотилни икки мингга яқин ўтказиш, икки мингдан ортиқ сақлаш, 172 та контрабанда қилиш жинояти фош этилди.
Айни пайтда аҳоли орасида гиёҳвандлик иллати тарқалишига қарши курашишга янгича ёндашилмоқда. Аввало, ушбу тизимнинг моддий-техник базаси, айниқса, эксперт-криминалистика соҳаси такомиллаштирилмоқда, жиноят қидирув ходимлари замонавий тезкор текшириш мосламалари билан таъминланмоқда. Тизимни рақамлаштириш янги босқичга олиб чиқилмоқда. Интернетда гиёҳвандлик воситалари тарқатилишини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган махсус дастурлар, маълумотлар базаси ишлаб чиқилмоқда.
Барча соҳавий хизматлар ходимлари, айниқса, таълим ташкилотлари инспектор-психологларининг нарковазият ва наркожиноятчилик йўналишида малакасини мунтазам ошириб бориш тизими йўлга қўйилди. Ички ишлар органлари тузилмаларида прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш тизими фаолияти ташкил этилди.
Йирик миқдордаги наркожиноятлар, хусусан, нарколабораторияларни аниқлаган фуқаролар муносиб рағбатлантирилмоқда. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда пробация ва профилактик ҳисобда турган шахсларга якка тартибда тезкор-профилактик чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўқувчи ва талабалар ўртасида гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятларнинг олдини олишнинг янги тизими жорий этилмоқда. Жумладан, махсус отрядлар ва патруллар ташкил этилиб, ички ишлар органларига хабар бериш тизими такомиллаштирилмоқда.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш ва наркотикларга қарамликнинг олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ушбу йўналишда ички ишлар органлари салмоқли натижаларга эришмоқда. Бу борада нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки тиббий ва ижтимоий жиҳатларни қамраб олган комплекс ёндашув жорий этилмоқда.
Ботир Қудратхўжаев, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари
“Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси
