Анъаналар бардавом. Тажриба ва шижоат уйғунлашса...
2026-04-27 12:25:00 / Янгиликлар

Ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришиш, аввало, билим ва тажрибанинг узвий боғлиқлигига таянади. Айниқса, ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ходимлар учун бу жиҳат янада муҳим аҳамият касб этади. Шу боис тизимда устоз-шогирд анъаналари яхши йўлга қўйилган.
Навоий шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика катта инспектори, подполковник Тўхтасин Холмуродов бой тажрибага эга, ўз бурчига садоқатли, фидойи ходимлардан. У айни пайтда шаҳардаги қарийб 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган «Баҳор» маҳалласи осойишталигини таъминлашга масъул.
Маҳалла илгари ҳуқуқбузарликлар кўрсаткичи юқори бўлгани учун «қизил» тоифада эди. Олиб борилган тизимли ва мақсадли профилактик ишлар натижасида ҳудуд дастлаб «сариқ», бугунги кунда эса «яшил» тоифага киритилган. Бу натижаларга подполковник Тўхтасин Холмуродов маҳалла еттилигининг бошқа аъзолари билан қўлни қўлга бериб ишлагани туфайли эришди.
Биргаликда ҳар бир оилага кириб боришди, муаммоларни ўрганиб, жойида ечим топиш чораларини кўришди. Айниқса, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш, бандлигини таъминлаш ва тўғри йўлга йўналтириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан манзилли ишлаб, профилактик суҳбатлар ўтказди.
Лавҳамиз қаҳрамони йиллар давомида орттирган билим ва малакасини хизмат жараёнида қўллаш баробарида, ёш кадрларга ўргатиб ҳам келмоқда. Унинг шогирдларидан бири «Ватан» маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Шаҳзод Бафоевдир. У ёш бўлишига қарамай, устозининг сабоқлари, маслаҳатлари ва ҳаётий тажрибаларига амал қилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида сезиларли натижаларга эришмоқда.
Катта лейтенант ҳар бир мурожаатга эътибор билан қараб, муаммоларга ечим топишга интилади. Яқинда ажрим ёқасида турган оиладаги жанжалли ҳолатни ўрганиш учун борди. Оиланинг бир аъзоси ўзини мутлақо ҳақ деб кўрсатишга уринар, вазиятни фақат ўз нуқтаи назаридан баҳоларди.
Айнан шу пайтда устозининг маслаҳатлари Шаҳзодга қўл келди. Подполковник Тўхтасин Холмуродов ҳеч қачон ҳолатни бир томонлама ўрганмаслик, ҳар тарафдан таҳлил қилиб, шундан кейингина хулоса чиқариш лозимлигини уқтирганди. Ёш ходим иккинчи томоннинг ҳам фикрини эшитди, қўшнилар ва оиланинг яқинлари билан суҳбатлашди. Хуллас, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди. Натижада жанжалнинг асл сабаблари аниқлаб, низони тинч йўл билан ҳал этишга эришди.
Ҳа, ички ишлар органлари тизимида устоз-шогирд анъаналари нафақат ёш ходимнинг камол топишига, балки жамиятда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Зеро, чуқур билим, бой тажриба ва ёшлик шижоати, куч-ғайратининг уйғунлашуви ўз самарасини беради. Подполковник Тўхтасин Холмуродов ва катта лейтенант Шаҳзод Бафоев фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади.
Маҳлиё Холова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Навоий вилояти
