Биз — коррупцияга қаршимиз. Виждон — энг яхши назоратчи
2026-04-27 08:05:00 / Янгиликлар

Жамиятда қонунийлик ва адолат тамойилларини таъминлаш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда порахўрликка қарши муросасиз муносабат муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, мансабдор шахсларга пора таклиф қилиш ёки бериш каби ҳаракатлар оғир жиноят ҳисобланади.
Таҳлилларга қараганда, айрим ҳолатларда фуқаролар ўз қилмишининг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англамасдан, жавобгарликдан қочиш мақсадида ноқонуний йўлни танламоқда. Жумладан, жорий йилнинг 21 январь куни Ғузор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан юзага келган ҳолат коррупция билан боғлиқ жиноятга айланди.
Хусусан, туманда яшовчи фуқаро Ғ.Х. «UAZ» русумли автомашинасини маст ҳолатда бошқариб бориб, қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган фуқаро Й.И. бошқарувидаги «Nexia-1» русумли автомобиль билан йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Ҳолат юзасидан Г.Х.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.
Орадан йигирма кун ўтиб, Ғ.Х. туман ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, капитан Нодирбек Муродовнинг ёнига келиб, юқоридаги ҳолат юзасидан ўзига чора кўрмаслиги ва автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериши эвазига мўмайгина пора таклиф этади. Капитан Нодирбек Муродов порани рад этиб, Ғ.Х. ни мазкур хатти-ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида бир неча бор огоҳлантиради. Лекин фуқаро ўз ниятидан қайтмайди. Шундан сўнг ходим ушбу ҳолат юзасидан раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилган.
Ушбу билдиргига асосан, ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ғ.Х. 5 млн. сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтда ушланиб, унинг қилмиши тегишли тартибда расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚКДнинг туман бўлими томонидан фуқаро Ғ.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун устувор бўлган жамиятда ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Шундай экан, ҳар бир шахс ўз хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида ҳам, ўз виждони олдида ҳам жавобгар эканлигини унутмаслиги лозим.
Ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
