Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида Навоий вилояти ИИБда танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди
2026-04-26 14:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Нематжонович Саттаров ҳамда полковник, Рустам Равшанович Мирзаевлар томонидан Навоий вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганишлар давомида Нурота туманидаги бир нечта маҳалла ва объектлар кўздан кечирилди. Дастлаб, туман ИИБ биноси, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Шундан сўнг, туманнинг “Мустақиллик“ маҳалласидаги ўрганишлар давом эттирилиб, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш, “Чилонзор тажрибаси”ни кенг жорий этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар билан танишилди.
Мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўз ўрнида ва сифатли ҳал этиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.
Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг 3 ойи мобайнида вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлар фаолияти таҳлил қилинди. Шунингдек, чорак давомида криминоген вазиятни янада яхшилаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар томонидан турли кўринишдаги салбий ҳолатлар содир этилишини олдини олиш мавзулари юқори кўтарилди. Бундан ташқари, ички ишлар органларини халқчил ва профессионал тузилмага айлантириш борасида ижобий ишларни янада жадаллаштириш, ходимларни жанговар ва жисмоний шайлигини, билим даражаларини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати









