Мардлик ва матонат мактаби: «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» спартакиадаси якунланди
2026-04-26 11:25:00 / Янгиликлар

Ватанни севиш, уни адоқлаш ва кўз қорачиғидек асраш каби чин инсоний фазилатларни шакллантириш мақсадида ташкил этилган «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» спартакиадаси жорий йилда Қарши шаҳрида юксак кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган ушбу мусобақа ёшларнинг нафақат жисмоний тайёргарлигини, балки маънавий етуклигини ҳам намоён этди.
Тантанали тадбир аввалида ИИВ масъул ходимлари барча иштирокчиларни эришилган натижалар билан қутлаб, бундай тадбирлар келажак посбонлари учун ҳақиқий ҳаёт мактаби эканлигини таъкидладилар. Ёшларнинг жасорати, чаққонлиги ва юксак маҳоратини акс эттирган жанговар чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Майдонда янграган Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ҳамда аждодларимиз тимсоллари акс этган кўргазмалар иштирокчилар қалбида ҳақиқий ватанпарварлик руҳини уйғотди.
Бир неча кун давом этган муросасиз баҳслар давомида жамоалар ўзларининг билим ва маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этдилар. Мусобақа якунига кўра, энг кучлилар саралаб олинди ва ғолиблар тантанали равишда тақдирланди. Қувонарли учликдан жой олган жамоалар орасида мутлақ ғолибликни — 1-ўринни Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё академик лицейи жамоаси қўлга киритди. Ғолибларга махсус диплом, кубок ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида таъкидланганидек, мазкур спартакиада нафақат спорт мусобақаси, балки ёш авлодни жасурлик, матонат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим майдон бўлди. «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» номи остида ўтган ушбу беллашувлар эртанги кунимиз эгалари учун янги марралар сари мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати







