Тошкент вилояти ИИББда жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтган 3 ой натижалари муҳокама қилинди
2026-04-25 20:55:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ИИББда жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал майор Ботир Қудратхўжаев ҳамда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков иштирок этди.
Йиғилишда, шунингдек, Тошкент вилоятидаги барча шаҳар ва туман ички ишлар бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари иштирок этдилар. Вилоят ИИОнинг барча шахсий таркиби ҳам видеоселектор тарзида қатнашдилар.
Тадбир давомида ҳудуддаги криминоген вазият, жиноятчилик даражаси, профилактик чоралар самарадорлиги, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш борасидаги фаолиятлар атрофлича муҳокама қилинди. Ҳисоботлар асосида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда жиноятчиликнинг айрим турлари ошган шаҳар ва туманлар кесимида мутасаддиларга аниқлаштирилган профилактик ва тезкор тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Айниқса, «қизил» тоифадаги маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупция ва тамагирлик ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Тизимда йўл қўйилган хатолик ва камчиликлар учун айрим раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилгани, бу каби ҳолатлардан барча ходимлар хулоса чиқариши лозимлиги қатъий эслатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида ички ишлар органлари олдида турган долзарб вазифалар, хусусан, жиноятчиликка қарши курашишнинг самарадор услубларини амалиётга жорий этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида илгари сурилган ташаббус ва режалар белгилаб олинди. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришлари учун янада барқарор шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати



