Бир сурат тарихи. Касбидан қадр топганлар
2026-04-25 12:40:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ИИБ соҳавий хизматларида ўз касбини ардоқлаб, бенуқсон хизмат қилиб келаётган фидойи ходимлар кўплаб топилади. ИИБ ЭКМ бош экспертлари, подполковниклар — Келдиёр Алибеков ва Алёна Жумаевалар узоқ йиллардан буён ушбу соҳада. К. Алибеков 2002 йил май ойидан ЭКБнинг криминалистик экспертизалар гуруҳида эксперт, А.Жумаева эса икки йил кейин худди шу лавозимда хизматга киришган.
- Инсон севимли касбини ардоқлаб, ўзига бириктирилган хизмат вазифалари устида тинимсиз изланишлар олиб борса, қадр топар экан, — дейди подполковник Келдиёр Алибеков. Мен аслида Тошкент давлат авиация институтининг олий техник йўналишида илм олганман. Замонавий техникаларни яхши тушунаман. Ҳозирда ЭКМда хатшунослик ва ноқонуний ҳужжатларнинг техник экспертизаси тадқиқотларини ўтказаман. Хизматдошим ва дўстим Алёна Жумаева эса из қидирувда, қўл-бармоқ излари бўйича ишлайди. Бизни вилоят ИИБда барча эски қадрдонлар дейишади. Ҳақиқатдан шундай. Алёна ростдан ҳам энг қадрдон дўстларимдан бири. Биз доимо содир этилган жиноятларни «иссиқ изида» фош қилиш устида биргаликда тезкор хизмат олиб борамиз. Кўп йиллик тажрибамиз бизга асқатмоқда.
Ушбу фидойилар ҳозирги кунда касбидан том маънода қадр топганлар қаторида. Ҳар иккаласи ҳам «Аъло хизматлари учун» ҳамда II ва III даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишони соҳиблари. Подполковник А. Жумаева эса давлатимизнинг юксак мукофоти «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Сиз кўриб турган ушбу суратларнинг биринчиси 2005 йилда тарихга муҳрланган. У ҳозирда вилоят ИИБ «Шон-шараф музейи»да осиғлиқ турибди. Иккинчи сурат эса яқинда, икки ҳамкасбнинг хизмат пайтидан олинган.
Абу Кенжаев, фотомухбир. «Постда»
