Ислоҳотлар амалда. «Хавфсиз мактаб» — хотиржамлик гарови
2026-04-24 23:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларидаги таълим муассасаларида юз бераётган кўнгилсиз ҳодисалар жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Хавфсиз мактаб» тизимини жорий этиш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Миллий кино саройида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов иштирокида ўтказилган йиғилиш айнан шу масалага бағишланди.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари, пойтахт мактаблари директорлари ва ўқитувчилар иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, пойтахтимиздаги 326 та давлат мактабининг барчаси хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланиб, босқичма-босқич профессионал қўриқлаш хизматига ўтказилмоқда.
Жорий этилаётган янгича тизимнинг асосий устувор йўналишлари — кириш-чиқиш назоратини қатъийлаштириш, интеллектуал видеокузатув тармоғини кенгайтириш ҳамда «Ташвиш тугмалари» ва тезкор хабар бериш механизмларини такомиллаштиришдан иборат.
Шунингдек, муҳим янгиликлардан яна бири — мактаб қоровуллари учун мутлақо янгича, интенсив ўқув тизимининг йўлга қўйилгани бўлди. Эндиликда улар нафақат бинони қўриқлайди, балки фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, биринчи ёрдам кўрсатиш ва психологик барқарорлик бўйича ҳам махсус тайёргарликдан ўтмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан таълим муассасалари раҳбарлари ҳам «Хавфсиз мактаб» тизимини жорий этиш ғоят муҳим вазифа эканлиги ва бу борада ҳамкорликни мустаҳкам давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, тадбирда соҳа мутахассислари томонидан тайёрланган махсус видеороликлар намойиш этилди. Ушбу видеоматериалларда нафақат мактаблардаги хавфсизлик тизимларининг ишлаш жараёни, балки келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни ҳар қандай таҳдиддан асраш муқаддас бурч эканлиги юксак маҳорат билан ифодаланган.
Илгари мактаб хавфсизлиги деганда, фақат дарвоза олдидаги навбатчиликни тушунардик, — дейди Яккасарой туманидаги 73-сонли умумтаълим мактаби директори Озода Қобилова. — Биз фақат техника ёки қўриқлаш тизимига ишониб қолмасдан, аввало, ўзимиздан, ҳар бир ўқитувчи ва ходимнинг ҳушёрлигидан бошлашимиз керак. Агар ҳар бир педагог ўқувчининг руҳиятидаги ўзгаришни вақтида сезса, мактаб остонасидан кирган бегона шахсга бефарқ бўлмаса, тизим кутилган натижани беради.
Йиғилиш якунида Президентимизнинг алоҳида эътибори натижасида ички ишлар органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ажратилган 50 та янги хизмат автомобили ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг тезкор гуруҳларига тантанали равишда топширилди. Бу автомобиллар мактаблар атрофида патруллик қилиш ва чақирувларга зудлик билан етиб бориш самарадорлигини янада оширади.
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида шакллантирилаётган «Хавфсиз мактаб» концепцияси босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
