Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашропов Женева шаҳрида (Швейцария) ўтказилаётган БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессиясида иштирок этди
2026-04-23 17:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 21 апрель куни Женева шаҳрида БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессияси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикасидан мазкур сессияда иштирок этиш учун Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усманов, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси ўринбосари Бекзод Шукуров, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарход Боқиев ҳамда мамлакатимизнинг бошқа вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари сессия давомида сўз олиб, халқаро тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 1965 йил 21 декабрдаги резолюцияга мувофиқ қабул қилинган Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидаларини бажарилиши юзасидан XII-XIV бирлашган даврий маърузалар доирасида амалга оширилган ишлар бўйича ахборотлар тақдим этди.
Шунингдек, сессияда халқаро тадбир иштирокчиларининг саволларига мамлакатимиз делегацияси барча аъзолари томонидан батафсил жавоблар берилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга 1995 йил 31 август куни қўшилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Ахборот хизмати


