Ёшлар — келажак бунёдкори. Эртанги кунга ишонч
2026-04-23 16:45:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Хоразм вилояти ички ишлар органларида ёш ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Эътиборли жиҳати шундаки, ёш ходимларнинг 83 фоизи олий маълумотли. Бу кўрсаткич тизимга нафақат жисмонан бақувват, балки замонавий билим ва дунёқарашга эга мутахассислар кириб келаётганидан далолат беради.
- Биз ёшларга фақат буйруқ ёки топшириқ бермаймиз, балки аввало ишонч билдирамиз. Зеро, ишонч бор жойда масъулият ва кутилган натижа бўлади, — дейди вилоят ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, лейтенант Саъдулла Абдуллаев.
Ҳозирги кунда ички ишлар органлари тубдан янгиланмоқда. Замонавий ходим нафақат қонун устуворлигини таъминлаши, балки ҳар томонлама намунали бўлиши лозим.
Бошқарма тизимида фаолият юритаётган 23 нафар халқаро миқёсдаги спорт устасининг борлиги жамоанинг жисмоний тайёргарлиги қай даражада юқори эканини кўрсатади. Шунингдек, ёшлар орасида чет тилларини, ахборот технологияларини мукаммал эгаллаган, малакали мутахассислар сафи кенгайиб бормоқда. Бу эса жиноятчиликка қарши курашишда замонавий услублардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.
Ёш кадрларнинг хизматга бўлган иштиёқини оширишда уларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилнинг ўтган қисқа даври мобайнида намунали хизмати ва юксак кўрсаткичлари учун 20 нафар ёш ходим рағбатлантирилди. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга ёки турли масалаларда кўмакка муҳтож бўлган 23 нафар ходимга манзилли моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Бу каби чора-тадбирлар ҳар бир ходимда «Ватанга хизмат қилиш — шарафли бурч» деган тушунчанинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Нилуфар Жабборова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Хоразм вилояти
