Маҳалла тинч — юрт обод. Ширин сўз жаҳлдан туширади
2026-04-23 08:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда вазирлик раҳбарияти профилактика инспекторлари инсонларга яқин бўлиши, уларни тинглаши, дардини ҳис қилиши, муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бериши кераклигини уқтирмоқда. Буни яхши англаган Жомбой тумани «Қанғли» маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Достон Тоғаев хизмат қилаётган маҳалласини «яшил» тоифада сақлаб туришга бор куч, билим ва тажрибасини бағишлаяпти.
- Кўпинча бир оғиз ширин сўз жазавада келган одамни тинчлантиради. Бир тўғри маслаҳатдан жанжал барҳам топади. Одамлар кўнглига йўл топиш уларнинг юқори идораларга ариза билан мурожаат қилишининг олдини олади, — дейди Достон Тоғаев. — Маҳалла фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг турмуш тарзи, яшаш шароити, оилавий муҳити билан яқиндан танишяпмиз. Ўрганишларимиз расмий текширув эмас, балки уларнинг дардини эшитиш, муаммосини аниқлаш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш эканини тушунтиряпмиз.
Ҳа, инспектор ёш бўлсада, маҳаллада ким нима билан шуғулланади, маҳаллага кимлар келиб, кимлар кетяпти, ким қаерга сафарга кетди, қўйингки, барча жараённи назорат қилишга интилади. Буларни одамлар билан суҳбат жараёнида оддий саволлар бериб билиб олади. Шунга қараб кейинги ишларини режалаштиради, вазифасини белгилаб олади. Ишим тугади демайди, куну тун хизматда сергак.
Суҳбатимизга қўшилган турмуш ўртоғи Феруза Шарипова Достон Тоғаевнинг яхши ота, намунали оила боши эканини, иши қанча кўп бўлсада, фарзандлари учун вақт ажратишини, ўғли Юсуфжон ва қизи Шаҳризоданинг келажаги учун ҳозирдан қайғуришини айтди. «Ўғлим отасининг касбини давом эттираман деса, ҳеч иккиланмай рози бўламан», — деди Ф. Шарипова.
Умида МАМАДАЛИЕВА, ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
