БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махлнинг “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” форуми ҳақида фикрлари
2026-04-21 14:00:00 / Янгиликлар

Ушбу жуда муҳим анжуманда иштирок этиш учун гўзал Самарқанд шаҳрида бўлиб турганимдан жуда мамнунман. Ушбу конференция гиёҳванд моддалари тарқалишини олдини олиш, шунингдек, гиёҳвандликнинг аҳоли саломатлигига салбий таъсирлари масалаларига бағишланган.
Бу ерда биз жуда кўп қизиқарли маълумотларни эшитдик. Хусусан, гиёҳванд моддалар истеъмоли анъанавий моддалар — масалан, опий кабилардан синтетик гиёҳванд моддаларга ўтаётганини кўрдик. Бу жараён жуда тез суръатларда кечмоқда, яъни бундай моддалар кенг тарқалмоқда. Шу билан бирга, уларни интернет орқали, жумладан “даркнет” орқали сотишнинг турли усуллари ҳам мавжуд.
Шу боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу каби ҳолатларда қандай чора кўришни яхши билиши ва ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси усулларидан доимо орқада қолиб кетмаслиги жуда муҳимдир.
Бугунги кунда кўплаб мутахассисларнинг бир жойда кўп жам бўлиши, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ва умуман жаҳон миқёсида ушбу муаммога қарши қандай самарали курашиш мумкинлигини кўриб чиқиш учун жуда яхши имконият бўлди.
Бу масала кўплаб давлатлар учун катта ташвиш уйғотмоқда. Биз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатдаги жамоаси сифатида, Ўзбекистонни гиёҳванд моддалар ва наркотик таҳдидларига қарши курашиш йўлида қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Ушбу форумда турли мамлакатлар вакиллари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари иштирок этмоқда. Улар, энг аввало, гиёҳвандликнинг олдини олиш, айниқса Ўзбекистонда аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларни гиёҳванд моддаларнинг хавф-хатарлари ҳақида хабардор қилиш йўлида ҳамкорликда иш олиб боришлари зарур.
Шунингдек, гиёҳвандлик ҳолатлари юз берган тақдирда, бундай шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, уларни ушбу оғир ҳолатдан чиқариш ҳам жуда муҳимдир.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларини тайёрлаш ва уларга гиёҳванд моддаларни аниқлаш ҳамда ушбу муаммоларга қарши самарали курашиш имкониятларини яратиш ҳам катта аҳамиятга эга.
Масалан, бугун биз Ўзбекистонда хизмат итлари ёрдамида багажлар ва автомобиллардаги гиёҳванд моддаларни аниқлаш бўйича намойишларни кўрдик. Бу тажриба жуда муҳим бўлиб, нафақат анъанавий, балки синтетик гиёҳванд моддаларни аниқлашда ҳам давом эттирилиши лозим.
Экспо марказидаги кўргазма эса жуда ажойиб ва Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар ёрқин намунасидир. Бу жуда катта таассурот қолдирди. Ушбу кўргазма яна бироз муддат давом этса, кўпроқ одамлар уни кўриш имкониятига эга бўлар эди, деб умид қиламан. Чунки бу ерда “даркнет” билан боғлиқ жараёнлар ва амалий ишлар қандай олиб борилаётгани, ушбу соҳада қандай воситалар қўлланилаётгани яққол намоён этилган.
Умуман олганда, бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини амалда кўриш учун жуда яхши имконият бўлди. Ушбу тадбир учун шундай кўламдаги ишлар амалга оширилгани жуда таъсирли ва бажарилаётган ишлар ҳам юқори даражада эканлиги яққол намоён бўлди.
