ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги оддий аскар ва сержант лавозимларига контракт асосида номзодлар танловини эълон қилади
2026-04-21 07:50:00 / Янгиликлар

ИИВ Қоровул қўшинлари умумий ўрта, ўрта-махсус, профессионал ёки олий маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини оддий аскар ва сержантлар таркиби лавозимларига контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш учун ўтказиладиган ҳарбий-касбий саралашда иштирок этишга таклиф этади. Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагида бўлган фуқаролар Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амиробод кўчаси 1-уй (Қоровул қўшинлари қўмондонлиги)га 2026-йилнинг 20-май куни соат 08:00дан 12:00га қадар келиб мурожаат қилишлари сўралади.
Ҳарбий-касбий саралаш номзодни дастлабки ўрганиш, жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, психологик ўрганиш, якуний суҳбат, тиббий кўрик, махсус текширув босқичларида ўтказилади.
Ҳарбий-касбий саралашга қуйидаги фуқаролар иштирок этишлари мумкин:
- 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахслар;
- бўй параметри 165 сантиметрдан паст бўлмаган шахслар;
- эркак жинсидаги фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёки сафарбарлик чақирувидаги резервида ҳарбий хизматни ўтаган, шунингдек ҳарбий рўйхатда турган бўлиши керак (муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаганлар бундан мустасно).
Ҳарбий-касбий саралашда иштирок этадиган фуқаролар ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, тамомлаган таълим муассасаси дипломи (шаҳодатномаси), ҳарбий гувоҳномаси ҳамда спорт кийимини олиб келиши лозим.
