Жиззах вилояти ИИБда пресс-тур: ижтимоий ҳимоя, замонавий шароит ва “Яшил макон”даги ислоҳотлар намойиши
2026-04-21 07:45:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ИИБда ташкил этилган пресс-турда матбуот ва ОАВ ходимлари ва блогерлар соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан яқиндан танишишди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ходимларнинг нафақат хизмат фаолияти, балки уларнинг оилавий фаровонлиги, фарзандлари таълими ва соғлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уй-жой билан таъминлаш, ижара харажатларини қоплаш, таълим ва тиббий ёрдам каби чоралар тизимли йўлга қўйилган.
Шунингдек, “Яшил макон” дастури доирасида барпо этилган боғлар экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга, қўшимча имкониятлар яратаётгани қайд этилди. Пресс-тур давомида боғдорчилик ишлари, замонавий суғориш технологиялари ва кинологлар фаолияти ҳам намойиш этилди.
Журналистлар мазкур ўзгаришларни юқори баҳолаб, очиқлик ва инсон қадрига қаратилган ёндашув тизим самарадорлигини ошираётганини таъкидладилар.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати









