Саломатлик ва тартиб посбонлари
2026-04-19 23:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИББ ЖХХ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси таркибидаги Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ҳудудда санитария-эпидемиологик барқарорликни сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим бўғин ҳисобланади.
Гуруҳ томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида жами 954 кг гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 1002 кг сут ва сут маҳсулотлари, 2202 кг парранда гўшти маҳсулотлари, 450 кг балиқ маҳсулотлари, 413 кг тузлама маҳсулотлари, 2238 кг номаълум шароитда тайёрланган маҳсулотлар, шунингдек, 11259 дона тухум маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилиб, белгиланган тартибда савдодан четлаштирилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида ҳайвонларни қутуриш касаллигига қарши эмлаш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Тадбир давомида 266 696 бош ҳайвонни қутуриш ва оқсил касаллигига қарши эмлашда Тошкент вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасига амалий ёрдам кўрсатилди.
Гуруҳ ўз иш жараёнида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан яқин ҳамкорлик қилади.
Бундай идоралараро ҳамкорлик вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, айниқса, Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларда назоратнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, Тошкент вилояти.
