Профилактика фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
2026-04-19 10:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи генерал-майор Рустам Джураев ҳудудий, туман ва шаҳар ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлиги хизматлари ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек туман ва шаҳар ИИБ бошлиқлари иштирокида видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Йиғилиш давомида профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек уларни асосий хизмат вазифаларидан чалғитадиган омилларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.
Маҳаллаларда бевосита манзилли ва тизимли ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Профилактика инспекторларини ўзларига хос бўлмаган вазифаларга жалб этмаслик, уларнинг аҳоли орасида доимий фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек фуқароларнинг турли тоифалари билан кунлик, ҳафталик ва ойлик режалар асосида аниқ ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Президентнинг ПҚ-1 ва ПҚ-2 сон қарорлари ижроси доирасида масъул раҳбарлар иштирокида бириктирилган маҳаллаларда ҳар ҳафта жиноятларни муҳокама қилишни ташкил этиш, шунингдек ижобий натижа берган «Чилонзор тажрибаси»ни ҳудудларда кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида белгиланган йўналишлар бўйича тизимли ишларни янада кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шу билан бирга, профилактика инспекторларининг устувор вазифаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш экани алоҳида таъкидланди.
Амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади — маҳаллаларда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ҳамда профилактика фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати



