Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан пойтахтдаги энг йирик бозорда жамоат тартибини таъминлаш ташкил этилишини ўрганди
2026-04-19 10:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Рустам Джураев пойтахтдаги энг йирик бозорлардан бири — «Чилонзор буюм бозори» («Чилонзор савдо мажмуаси»)да фуқароларнинг жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминловчи хизматлар фаолиятини ўрганди.
Ташриф давомида масъул ходимлар томонидан профилактика инспекторлари, патруль-пост хизмати бўлинмалари, «Қўриқлаш» хизмати, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари фаолияти юзасидан ҳисоботлар тингланди.
Алоҳида эътибор ички ишлар органлари бўлинмалари ва Миллий гвардия ўртасида хизматни ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалаларига қаратилди.
Биринчи ўринбосар вазир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ташқи видеокузатув камералари интеграция қилинган Ситуацион марказ фаолияти алоҳида ўрганилди.
Қайд этилганидек, вазиятни реал вақт режимида узлуксиз мониторинг қилиш имконияти юзага келиши эҳтимоли бўлган ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш, шунингдек, бозор ҳудудида жамоат тартибини таъминлашга жалб этилган ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш имконини беради.
Ташриф якунида хизмат фаолияти натижалари таҳлил қилиниб, тегишли баҳо берилди ҳамда жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати
