Инсон қадри улуғ: сув келтирган элда азиз
2026-04-18 20:10:00 / Янгиликлар

Апрель ойининг дастлабки кунларида туман ИИБ раҳбарияти томонидан «Ишонч» маҳалласида сайёр қабул ўтказилди. Мазкур маҳалла Гулистон шаҳри билан туташиб кетган бўлиб, тўрт мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг аксарияти савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритади.
Сайёр қабул давомида ўндан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг иккитаси ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга тааллуқли эди. Жумладан, фуқаролар маҳаллада бир ойдан буён сув йўқлиги, сув минорасидаги насослар ишдан чиққани ҳамда айрим кўчаларга сув етиб бормаётгани сабабли эски қувурларни алмаштириш зарурлигини билдирди.
Мурожаатлар жойида ўрганилиб, муаммони ҳал этиш учун тегишли ташкилотлар ва ҳомийлар жалб қилинди. Масъулият Гулистон тумани ИИБ мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори Ҳамид Тошбеков зиммасига юклатилди.
Эртаси куниёқ усталар иш бошлади. Икки кун ичида сув минорасидаги насослар таъмирланиб, электр қисмлари янгиланди. Натижада хонадонларга сув етиб бориши тикланди.
Шунингдек, узоқроқ кўчаларга ҳомийлар кўмагида 150 метр янги сув қувури ётқизилди. Бир неча кунлик ишлар натижасида энг чекка ҳудудлар ҳам ичимлик суви билан таъминланди.
— Аҳоли мурожаатига тезкор эътибор қаратилгани учун туман ИИБ раҳбарияти ва мутасаддиларга миннатдорлик билдирамиз, — дейди маҳалла раиси Вали Ҳайитов.
Маълумот ўрнида, Ҳамид Тошбеков 1989 йилда туғилган. ИИВ Академиясини тамомлаган бўлиб, ҳозирга қадар Гулистон тумани ИИБда турли лавозимларда хизмат қилиб келмоқда.
— Мурожаатларни ўз вақтида ва ижобий ҳал этиш асосий вазифамиз. Зарур ҳолларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаймиз, — дейди у.
Абдураҳмон Мустафоқулов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Сирдарё вилояти
