Гулистон шаҳар «Обод юрт» маҳалласида Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг сайёр қабули ўтказилди
2026-04-18 12:40:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб эндиликда мазкур йўналишда эскича ёндашувлардан воз кечиб, янада самарали, манзилли ҳамда натижадор тизимни йўлга қўйиш зарурлиги топшириғи берилган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан мурожаатлар сони бошқа ҳудудларга қараганда юқори бўлган маҳаллаларда аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топишга қаратилган манзилли сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги ана шундай сайёр қабул Гулистон шаҳрининг «Обод юрт» маҳалласида бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи,маҳалла еттилиги ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Қабул давомида 20 нафарга яқин фуқаролардан жами 17 та мурожаат, таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Мурожаатлар асосан бандлик, моддий ёрдам олиш, пробация ҳисобидан шартли озод қилиш масалаларига боғлиқ бўлди.
Билдирилган мурожаатлар жойида масъуллар иштирокида кўриб чиқилиб, уларнинг кўп қисмига тезкор ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар юзасидан эса муддатлар белгиланиб ижроси бошқарма бошлиғи томонидан алоҳида назоратга олинди.
Фуқаролар мурожаатларига тезкор ва самарали ечим топиш, шунингдек, аҳоли орасида давлат органларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга қаратилган сайёр қабуллар ҳудудларда давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



