Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ва матбуот анжумани ўтказилди
2026-04-18 12:20:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида “Қўриқлаш хизмати фаолиятида замонавий ёндашувлар ва хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида пресс-тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи, унинг ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоятда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Мазкур пресс-турда Бошқарма бошлиғи ва бошқа мутахассис ходимлар томонидан мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қўриқлаш хизмати фаолияти, замонавий қурилмалар, махсус воситалар, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Очиқ осмон остида ташкил этилган соҳага оид кўргазмада Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан қўлланиб келинаётган техник воситалар, қўриқлов асбоб-ускуналари, уларнинг турлари ва вазифалари ҳақида амалий тушунчалар берилди.
Бундан ташқари соҳа ходимлари фаолиятига доир чиқишлар, жисмоний-жанговар тайёргарлик жараёнлари ва кинологларнинг хизмат ити билан биргаликдаги машғулотларидан намуналар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, хизмат самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар бўйича анжуман ҳам ўтказилиб, Қўриқлаш хизмати мониторинг марказлари томонидан бугунги кунда жами 6411 та объектлар, якка тартибдаги 4396 та фуқаро хонадонлари, Республика миқёсида татбиқ қилинган “Навоий тажрибаси” асосида 793 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига “ташвиш тугма”лари ўрнатилганлиги, ушбу қўриқда бўлган объект ва хонадонлардан келиб тушган ташвиш хабарлари ҳамда тунги патруллик давомида бугунги кунга қадар 496 та ҳар хил турдаги салбий ҳолатларнинг олди олинганлиги йиғилганлар эътиборига етказилди. Шунингдек, соҳага оид саволлар ва таклиф-мулоҳазалар тингланиб, мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Келгусида бу каби анжуманларни Бошқарманинг бошқа соҳавий хизматларида ҳам мунтазам равишда ўтказиб борилиши белгилаб олинди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати



