Қўшсаҳифада. Тўғри йўл излаганлар ҳамроҳи
2026-04-18 07:00:00 / Янгиликлар

Халқимизда «Адашганнинг айби йўқ, қайтса — ўнгдир» деган нақл бор. Бугун жамиятимизда жиноят содир этиб, қилмишидан пушаймон бўлган, лекин озодликдан маҳрум этилмаган ҳолда жазо ўтаётган шахслар билан ишлаш тизими тубдан янгиланди. Бу борада Бекобод тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи ходимларининг хизмати алоҳида таҳсинга лойиқ. Ана шундай масъулиятли вазифани елкасига олган фидойилардан бири гуруҳ катта инспектори, капитан Искандар Абдураҳмоновдир.
Лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2017 йилдан бошлаган. ЖИЭД тизимида орттирган тажрибаси уни пробация хизматига тезда мослашиб кетишига замин яратди. У 2019 йилдан буён Бекобод туманида пробация хизматида самарали фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирда туман миқёсида 505 нафар шахс пробация ҳисобида туради. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида 74 нафар шахс ҳисобдан чиқарилган. 11 маротаба меҳнат ярмаркалари ташкил этилиши натижасида 90 нафарга яқин маҳкумларнинг бандлиги таъминланган. Тартиб-қоидаларга амал қилмаган 15 нафар маҳкумнинг жазоси оғирроғига алмаштирилган.
Искандар Абдураҳмонов ўз фаолиятида «жазолаш эмас, тузатиш» тамойилига амал қилади.
— Бизнинг назоратимиздаги ҳар бир шахс — аввало инсон, — дейди капитан. — Кимдир билмай, кимдир ҳиссиётга берилиб хато қилган. Мақсадимиз уларни қайта жиноят кўчасига кирмасликлари учун қўллаб-қувватлаш. Уларни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш — асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.
Интилувчан ва масъулиятни доимо биринчи ўринга қўядиган Искандар ака турмуш ўртоғи, МТМ тарбиячиси Моҳигул Абдураҳмонова билан биргаликда уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Ходимнинг укаси, сафдор Ҳожимурод Абдураҳмонов ҳам акаси изидан бориб, ички ишлар органлари сафида хизмат қилмоқда.
