Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Рамазон Ашроповнинг Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган хизмат ташрифи доирасида тергов фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди
2026-04-17 20:00:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикасида тергов фаолиятини янада такомиллаштириш ва уни янги босқичга кўтариш, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари тизимида фаолият юритаётган тергов ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тергов фаолияти сифатини тубдан яхшилаш, унинг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир жиноят иши бўйича қонуний қарор қабул қилинишига эришиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суд ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида мазкур семинар машғулоти ўтказилди.
Тадбирда, Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси суди судьялари, Бош прокуратура ходимлари, республика прокуратурасининг тармоқ раҳбарлари, туман-шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари ва терговчилари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти республика бошқармасининг терговга масъул раҳбарлари, терговчи ва суриштирувчилари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда, дастлаб терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва одил судловни таъминлашдаги йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар танқидий кўриб чиқилиб, жиноят ишларини судда кўрилишида йўл қўйилаётган процессуал хато ва камчиликлар, судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмларининг сабаблари, терговда рақамли криминалистика ёрдамида электрон далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашнинг замонавий усуллари, ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда содир этилаётган жиноятларни фош этиш билан боғлиқ мавзуларда тажрибали мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
Шу билан бирга, кибержиноятларни фош этишда тезкор маълумот алмашинувини таъминлаш, электрон қурилмалар ва онлайн платформалар билан ишлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар муҳокама қилинди.
Машғулот мунозара, амалий мисол ва савол-жавоб тарзида ташкил этилиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.
Бундай ўқув-амалий семинарлар бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилиб, тергов сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.





