Менежмент ва Замонавий Технологиялар Университети (UMFT) долзарб мавзуда давра суҳбати ўтказилди
2026-04-17 16:55:00 / Янгиликлар

Менежмент ва Замонавий Технологиялар Университети (UMFT)да ички ишлар тизими вакиллари иштирокида долзарб мавзуга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбир ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамият касб этди.
Тадбир меҳмони сифатида Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура тингловчиси, подполковник Шарипов Шохрух Шодиевич иштирок этди. У ўз нутқида бугунги кунда жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса ёшлар орасида учраётган ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омиллари ҳақида батафсил маълумот берди.
Давра суҳбати давомида талабалар билан очиқ мулоқот ташкил этилди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди. Хусусан, ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, уларни тўғри йўлга йўналтириш, ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбирдан сўнг ички ишлар органлари ходимлари университет раҳбарияти билан учрашув ўтказдилар. Унда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, жиноятчиликка мойиллиги мавжуд бўлган айрим талабалар билан алоҳида профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ушбу суҳбатлар давомида уларнинг муаммолари ўрганилиб, тўғри йўлга йўналтириш ҳамда зарур тавсиялар берилди.
Тадбир якунида талабаларга қонунларга ҳурмат билан қараш, ҳушёр ва масъулиятли бўлиш зарурлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. Қайд этилишича, бундай учрашувлар ёшлар онгида жиноятчиликка қарши иммунитетни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Янги бинода ташкил этилаётган бундай мазмундаги тадбирлар университет ҳаётидаги муҳим янгиликлардан бири сифатида баҳоланмоқда.








