Жорий йилнинг 17-апрел куни Ўзбекистон Республикаси ҳамда Озарбайжон Республикаси ички ишлар вазирликлари ўртасидаги идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2026-04-17 15:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Озарбайжон ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ботир Қудратходжаев ҳамда Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полиция генерал-лейтенанти Сейфулла Азимов бошчилигида, соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этдилар.
Мазкур учрашув давомида икки давлат ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, трансмиллий жиноятларга қарши самарали чоралар кўриш борасида амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ахборот алмашинувини янада кучайтириш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тезкор тадбирларни мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Йиғилиш якунида идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган йиғилиш баённомаси имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ички ишлар органлари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мамлакатимизга ташриф давомида ҳамкорлар Тошкент шаҳар ИИББ фаолиятини ўрганиш ҳамда пойтахтимизнинг туристик объектларида хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот олишлари режалаштирилган.
Шунингдек Озарбайджон делегацияси Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашишга бағишланган глобал форумда иштирок этиб, наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш масалаларини муҳокамасида қатнашадилар.



