ИИВ Малака ошириш институти ташкил топганининг 5 йиллиги кенг нишонланди
2026-04-17 13:25:00 / Янгиликлар

Куни кеча институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлар ва тингловчилар ҳамда фахрийлар иштирокида ажойиб бир сана Малака ошириш институти ташкил этилганлигининг 5 йиллигига бағишланган тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Ушбу қисқа аммо мазмунли давр мобайнида малака ошириш институти Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш ва соҳа ходимларининг билимларини юксалтиришда ўзига хос мактабга айланди.
Тантанали маросим Ички ишлар вазирилиги Малака ошириш институти бошлиғи полковник Ахмедов Олимжон Турсунбоевич нутқи билан бошланиб, институт тарихи, 5 йиллик давр мобайнида ташкил этилган ўқув курслар, уларнинг статистик таҳлили, институтнинг илмий салоҳияти, амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар, давлатлар ва республика ташкилотлари, таълим муассасалари билан ҳамкорликлар, институт ходимларини хорижий давлатларга қилган хизмат сафарлари, моддий техник базаси, қурилиш-таъмирлаш ишларига алоҳида тўхталди.
Маросимнинг энг муҳим қисми сифатида таъсис этилган Институтнинг 5 йиллик эсдалик нишони шу даврлар оралиғида институт фаолияти равнақи йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ва ўқув жараёнларини сифатли ташкиллаштиришда беминнат хизмат кўрсатган жамоа вакилларига топширилиши тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Дастурга кўра, институтнинг бўлим, кафедра ва цикл раҳбарлари томонидан таълим сифатини ошириш, мутахассислар салоҳиятини юксалтириш ва замонавий билимларни жорий этишда эришилган ютуқлар ҳақида ахборот-презентациялари ҳам намойиш этилди.
Шунингдек, тадбирни янада кўтаринки руҳда давом этишига ҳисса қўшган Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи Ашула ва рақс ансамблининг хушовоз хонандаларининг бадиий чиқишлари ҳамда институт тингловчилари томонидан ижро этилган шўх рақслар йиғилганларга юқори кайфият бахш этди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбир давомида институт равнақи ва фаолияти йўлида улкан ҳисса қўшган ва фидокорона хизмат олиб борган институт фахрийларига эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Тантанали тадбир дастури йиғилганларга кўтаринки руҳ ва хуш кайфиятни туҳфа этди.
Бу эса келгусида институт жамоасини бирдамлик асосида юксак мақсадлар сари интилишга ҳамда юқори натижаларга эришида ўз таъсирини кўрсатиши, янги ютуқ ва зафарлар учун мустаҳкам замин яратишига хизмат қилади.
ИИВ Малака ошириш институти









