Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида Жамоат хавфсизлиги департаменти раҳбарининг ўқув йиғинлари тингловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди
2026-04-17 13:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида жамоат хавфсизлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбар ходимлари иштирокида ўқув йиғинлари ўтказилмоқда. Уларнинг асосий мақсади — касбий билим ва бошқарув кўникмаларини ошириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятни такомиллаштиришдан иборат.
Мазкур ўқув йиғинлари доирасида ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал майор Рустам Джураев тингловчилар — вилоятлар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва пробация бўлинмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Ўз чиқишида Рустам Джураев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида иш самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлаб, бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, йўл-патруль хизмати ходимлари фаолиятини баҳолаш тизимини йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган ҳолда такомиллаштириш, авария хавфи юқори бўлган участкаларнинг электрон харитасини жорий этиш, интеллектуал тизимлар ва қоидабузарликларни қайд этувчи камералар имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, йўл ҳаракатини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш даражасини ошириш вазифалари қайд этилди.
Айниқса, вояга етмаганлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли ўртасида тизимли профилактик ишлар олиб бориш ҳамда йўл ҳаракати иштирокчилари маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тезликни ошириш ва ҳайдовчилар чарчоғи билан боғлиқ ЙТҲларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, жумладан, трассаларда қўшимча профилактик тадбирлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Чиқишнинг алоҳида қисми пробация масалаларига бағишланди. Унда пробация хизмати назорати остида бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни иш билан таъминлаш, касбий ўқитиш ва таълим ҳамда ижтимоий дастурларга жалб этиш устувор вазифа бўлиб қолаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, индивидуал профилактик ишларни кучайтириш, психологик қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш, бандлик органлари ва маҳаллий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, назоратдаги шахсларни кузатиш ва бошқаришнинг рақамли механизмларини такомиллаштириш зарурлигига урғу берилди.
Учрашув давомида хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, интизомни мустаҳкамлаш, иш жараёнларига замонавий ёндашувларни жорий этиш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Айниқса, ходимлар томонидан сунъий интеллект технологияларини ўзлаштириш, уларни хизмат фаолиятида самарали қўллаш ва замонавий иш форматларига мослашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари учрашув иштирокчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва пробация фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларини тинглаб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берди.
Бундай тадбирларни ўтказиш ички ишлар органлари ходимларининг касбий маҳоратини янада оширишга хизмат қилади ҳамда фуқаролар тинчлиги, қонунийлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати



