Хизматларда. Ижтимоий барқарорлик калити
2026-04-16 23:00:00 / Янгиликлар

Меҳнат миграцияси бугунги кунда фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий ва демографик жараён сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жорий йилнинг дастлабки уч ойида биргина вилоятимиздан 114 минг нафардан ортиқ фуқаро узоқ муддатга хорижга чиққан.
Албатта бу бир томондан аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини яхшилаш ва мамлакатга валюта тушумини кўпайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Лекин миграциянинг ижтимоий оқибатлари ҳам мавжуд бўлиб, хорижга узоқ муддатга кетган фуқароларнинг оилаларида тарбиявий, психологик ва ижтимоий муаммолар юзага келиши эҳтимолини ҳам вужудга келтиради.
Яъни ота-онаси чет элда бўлган болалар тарбияси, ўқиш масалаларида муаммолар пайдо бўлади. Бу эса давлат идоралари ва жамиятдан қўшимча эътибор ҳамда қўллаб-қувватлашни талаб қилади.
Иккинчи тарафдан эса хориждан қайтиб келган 27 минг 444 нафар фуқаронинг жамиятга қайта мослашувини ва тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлаш керак бўлади.
Очиғи, ҳали айрим тадбиркорларимиз хориждан қайтиб келган фуқароларнинг орттирган меҳнат тажрибасидан самарали фойдаланишга эътибор қаратишмаяпти. Шу боис, биз ҳар икки томон билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, уларнинг 7 минг нафарини иш билан таъминлашга эришдик. Албатта, бу кўрсаткич қониқарли эмас.
Паспортни йўқотиш ёки яроқсиз ҳолга келтириш каби шахсий ҳужжатлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам миграция жараёнида тез-тез учраб туриши сир эмас. Бу эса хорижда юрган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, консуллик хизматларини рақамлаштириш ва уларнинг қулайлигини ошириш зарурлигини кўрсатади.
Ноқонуний миграция эса алоҳида эътибор талаб қилинадиган масаладир. Шу боис, профилактик тарғибот тадбирлари давомида, аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилаётганда ноқонуний миграция фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясиз қолиши, меҳнат эксплуатациясига дуч келиши ва турли жиноий ҳолатларга аралашиб қолиш хавфини пайдо қилишини тушунтирамиз.
Шунингдек, меҳнат мигрантларига хорижга чиқишдан олдин ҳуқуқий ва касбий билимларини ошириш учун касбий кўникмалар марказида ўқишлари тавсия этилмоқда. Хорижда бўлган даврида эса оила аъзолари билан мунтазам алоқада бўлишларини қатъий таъкидлаяпмиз.
©️ “Postda” газетаси, Мехрожхон Теляев, подполковник. Қашқадарё вилояти.
