Соғлом авлод ва баркамол жамиятни шакллантириш мақсадида мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда
2026-04-16 08:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги устувор вазифалар белгилаб олинди ва уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Ушбу йиғилишда ҳафтада бир кунни «спорт куни» сифатида белгилаш ташаббуси илгари сурилиб, бу кунда барча вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт машғулотларини мунтазам ўтказиш вазифаси қўйилди. Бу эса давлат хизматчилари ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва меҳнат самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов масъуллар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар билан «ЖАР» спорт мажмуасида яратилган шарт-шароитлар алоҳида танишди.
Бу ерда фаолият юритаётган турли спорт тўгараклари, ёшлар, шунингдек ходимлар ҳамда уларнинг фарзандлари учун ташкил этилган спорт секциялари, уларда эришилаётган натижалар юксак баҳоланди. Айниқса, ходимларнинг жисмоний ҳолатини мустаҳкамлашда илмий ёндашувларни қўллаш, кунлик рационни назорат қилиш каби масалаларнинг муҳокама қилиниши соҳага замонавий ёндашув кириб келаётганидан далолат беради.
Ички ишлар вазири томонидан жанговар спорт турларига алоҳида урғу бериш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини янада кучайтириш, кросс-фит каби интенсив машғулотларни амалиётга кенг жорий этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, жумладан, спорт мажмуасининг ёзги майдонларини ҳам тўлиқ ишга солиш орқали машғулотларнинг қамровини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган мазкур ишлар нафақат тизим ходимларининг, балки бутун жамиятнинг, айниқса ёшларнинг соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Белгиланган вазифаларнинг изчил ижроси эса келгусида янада юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.









