Умидли ёшлар, орзулари бисёр
2026-04-15 16:15:00 / Янгиликлар

2002 йилда Иштихон туманида туғилиб вояга етган Зикирхон Толибхоновга отаси болалигидан «Ватанга хизмат қилиш — энг олий бурч» эканини таъкидлаб келган. Бу сўзлар унинг қалбида мустаҳкам ўрнашиб, ҳаёт йўлини белгилаб берди.
У ИИВ Самарқанд академик лицейини тамомлаб, ИИВ Академиясига ўқишга кирди. 2024 йилда мазкур таълим муассасасини битиргач, ҳозирги кунда Оқдарё туманидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласида профилактика инспектори лавозимида хизмат олиб бормоқда.
Зикирхон илм олишга иштиёқманд бўлиб, доимо янгиликлардан хабардор бўлиш ва ўз устида ишлашни канда қилмайди. 2024 йилдан бошлаб Тошкент ахборот технологиялари университетининг киберхавфсизлик йўналиши бўйича сиртқи таълимда таҳсил олмоқда. У ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни фош этиш учун дастурлар яратишга қизиқиб, вируслардан ҳимоя қилувчи лойиҳалар устида ишламоқда. Шунингдек, жаҳон адабиётини мутолаа қилишни ҳам одат қилган.
— Достоевский, Чехов, Мопассан ва Шекспир асарларини ўқиш орқали инсон руҳияти ҳамда ҳаётнинг мураккаб жиҳатларини чуқурроқ англаяпман. Бу билимлар хизмат фаолиятимда ҳам муҳим аҳамият касб этади, — дейди лейтенант З. Толибхонов. — Ички ишлар органларидаги хизмат катта масъулият талаб қилади. Инсонлар тақдири билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш учун билим, зийраклик ва кучли ирода зарур.
— Маҳалламиз тинч, аҳоли осойишта ҳаёт кечирмоқда. Бунда профилактика инспекторининг ҳиссаси катта. Айниқса, тарбиясида муаммоси бор ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. У фуқаролар мурожаатини тинглайди, низоли оилалар билан ишлайди ҳамда спиртли ичимлик таъсирига тушган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказади, — дейди МФЙ раиси Азиза Умарова.
Ёш ходимнинг орзулари бисёр. У келажакда ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб, юрт равнақига ҳисса қўшишни мақсад қилган. Шу билан бирга, ёшларга ўрнак бўлиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни истайди.
Умида Мамадалиева, ўз мухбиримиз. "Постда"
Самарқанд вилояти
