Пробация хизмати. Жазо эмас, синовлигини тушунди
2026-04-14 12:25:00 / Янгиликлар

Жамият тараққиёти инсон тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир инсон ҳаётида турли синовлар, адашишлар учраши табиий. Айниқса, қонунбузарлик йўлига кириб қолган шахслар учун ҳаёт янги синовларни тақдим этади. Бундай вазиятда пробация тизими нафақат назорат, балки тарбия, қўллаб-қувватлаш ва қайта ижтимоийлаштиришнинг муҳим воситаси сифатида намоён бўлади.
Пробация назоратидаги шахслар жамиятдан четлатилган эмас, аксинча, уларга иккинчи имконият берилади. Уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик, эътибор ва ишонч билдириш барқарор жамият қуришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Гулшан Латипова пробация рўйхатида (исм-шарифи ўзгартирилди) бўлиб, унинг ҳаёт йўли хато ва тузалиш, ишонч ва умид ўртасида кечаётган, хатоси эса оғир эди.
У қалбаки ҳужжат тайёрлашга қўл урган, нафси йўлига кириб келажагини хавф остига қўйганди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланди. Суд қарори эълон қилинган куни у ўзини йўқотгандек бўлди. Аммо кейин тушундики, бу жазо эмас, балки синов ва имконият экан.
Пробация инспектори билан биринчи учрашувидаёқ унга аниқ талаблар қўйилди. Тартиб-интизом, меҳнат ва жамоат билан алоқа. Гулшан бошида бу қоидаларни оғир қабул қилди. Лекин аста-секин бу қатъий тартиб ва назорат уни тўғри йўлга бошлаётганини англади.
Маҳалладаги аёллар унга аввал шубҳа билан қарашди. Кимдир пичирлади, кимдир юз ўгирди. Бу ҳолат Гулшанни қаттиқ ўйлантирди. У ўзини оқлаш учун гап эмас, амал қилиш кераклигини тушунди.
Паяриқ туман Маҳалла маркази биносида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган «Бўш иш ўринлари» меҳнат ярмаркасида пробация гуруҳи назоратида турувчи ишсиз шахслар ҳам иштирок этди. Ушбу ярмаркада тумандаги бўш иш ўринларига 8 нафар ишсиз шахснинг бандлиги таъминланди, 2 нафар кишига касб-ҳунар ўрганиши учун йўлланма берилди.
Ишга жойлашганлар орасида Гулшан Латипова ҳам бор. У ишлаб чиқариш корхонасига назоратчи бўлиб ишга кирди. Илгари у ўзини жамиятдан узоқлашган, ҳеч кимга керак эмасман деб ҳис қилган бўлса, энди унга ишонч билдирилаётганини сезди. Шу кундан бошлаб у ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган бўлди. Чунки бу қадамлар унинг жамиятнинг муносиб аъзосига айланиши учун ташланган эзгу қадамлар эди.
Сирожиддин НУРМУХАМАТОВ, майор.
Самарқанд вилояти.
