Бухорода иқтидорли ёшлар кашф этилди — Ички ишлар бошқармаси бошлиғи соврини учун фан олимпиадаси ўтказилди
2026-04-14 11:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 апрель куни Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейида Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг тўққизинчи синф ўқувчилари ўртасида ҳуқуқшунослик, тарих ва инглиз тили фанларидан олимпиада ташкил этилди.
Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу нуфузли беллашувда вилоятимизнинг барча туманларидан олти юзга яқин ўқувчи иштирок этди.
Қувонарли жиҳати шундаки, ўқувчиларнинг натижалари имтиҳон ўтказилган аудиториянинг ўзида сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланилган ҳолда эълон қилинди.
Бу замонавий ёндашув олимпиаданинг инсон омили аралашувисиз, мутлақо шаффоф ва холисона ўтишини тўлиқ таъминлади.
Қизғин баҳсларга бой бўлган олимпиада якунларига кўра тарих фани бўйича Когон шаҳридаги 8-мактаб ўқувчиси Истатбону Ахмедова энг юқори натижа билан биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўрин Шофиркон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Умидали Иззатовга насиб этган бўлса, учинчи ўринни Бухоро туманидаги 25-мактаб вакили Дилнура Қодирова ҳамда Когон шаҳридаги 7-мактаб ўқувчиси Саидали Ҳамдамовлар ўзаро бўлишиб олишди.
Ҳуқуқшунослик йўналишида эса Ғиждувон туманидаги хусусий мактаб ўқувчиси Дурдонахон Назарова ва Шофиркон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Зарнигор Ўктамовалар билимда тенгсиз эканликларини исботлаб, биринчи ўринни қўлга киритишди.
Худди шу хусусий мактабнинг яна бир иқтидорли вакили Шафиқа Соҳибжонова иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Учинчи ўрин Бухоро шаҳридаги 41-мактаб ўқувчиси Асилбек Нарзуллаевга насиб этди.
Инглиз тили фанидан имтиҳон жараёнлари тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш ва грамматика юзасидан мураккаб топшириқларни ўз ичига олган ҳолда уч босқичда ташкил этилди.
Мазкур йўналишдаги муросасиз баҳсларда Бухоро шаҳридаги 23-мактаб ўқувчиси Рухшона Хайриддинова барчадан ўзиб кетиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Бухоро шаҳридаги Президент мактабининг иқтидорли ўқувчилари Даврон Саидов ва Сабрина Нуруллаевалар мос равишда иккинчи ҳамда учинчи ўринларни фахр билан эгаллашди.
Ушбу олимпиаданинг асосий мақсади иқтидорли ва билимли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бундай мусобақалар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишига, ўз устида тинимсиз ишлашга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.
Қолаверса, олимпиада ўқувчиларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва мантиқий хулоса чиқариш кўникмаларини ривожлантириб, келгусида ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида фаолият юритиш ниятида бўлган ёшлар учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Тарихни чуқур билиш ва қонунларга ҳурмат билан қараш орқали ўқувчиларда Ватанга садоқат, юксак масъулият ҳамда қатъий фуқаролик позицияси шаклланади.
Тадбир якунида совринли ўринларни қўлга киритган барча ўқувчилар Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари томонидан телевизор, чангютгич, микротўлқинли печь каби қимматбаҳо эсдалик совғалари ва махсус дипломлар билан тантанали равишда тақдирландилар.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур беллашув нафақат билимларни синовдан ўтказадиган, балки келажакда етук, масъулиятли ва ватанпарвар кадрларни тайёрлашга хизмат қиладиган ғоят аҳамиятли тарбиявий ҳамда таълимий тадбирга айланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









