Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлиги ўрганилди
2026-04-14 10:45:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Рустам Джураев томонидан Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларининг ташкил этилиши ўрганилди.
Дастлаб, Бухоро халқаро аэропорти ҳамда сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган туристик объектларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида ҳудуднинг асосий диққатга сазовор жойлари кўздан кечирилди. Жумладан:
- Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси
- Арк қўрғони
- Лаби Ҳовуз ансамбли
Ушбу ҳудудларда вазирнинг биринчи ўринбосари томонидан патрул-пост, йўл ҳаракати хавфсизлиги, қўриқлаш хизматлари ҳамда туристик полиция раҳбар ходимларининг ахборотлари тингланди. Жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалиётдаги ижроси билан танишилди.
Шунингдек, ички ишлар органларининг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари, Миллий гвардия ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигига баҳо берилди.
Ўрганишлар доирасида:
- жамоат хавфсизлигини ташкил этиш масалалари
- қўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари ҳолати
- фуқаролар ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар атрофлича кўриб чиқилди.
Ташриф якунига кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи хизматлар ўртасидаги мувофиқлашув даражасини ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда замонавий ёндашувларни жорий этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати



