ИИВ Малака ошириш институтида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-04-13 19:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтида Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда инсонпарварлик тамойилларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётига самарали жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини амалиётга татбиқ этишда кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий ўқув-методик ёндашувларни кенг жорий этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувда тингловчилар учун халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва уларни амалиёт билан уйғунлаштиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ўқув жараёнига интерактив усулларни жорий этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Томонлар ўртасидаги мулоқотда келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-амалий тадқиқотларни йўлга қўйиш, шунингдек, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда махсус ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган аниқ режалар белгилаб олинди.
ИИВ Малака ошириш институти





