Инсонпарварлик. Хато қилмоқлик бордир
2026-04-13 23:00:00 / Янгиликлар

Жиноятга қўл урганим сабабли менга нисбатан суд томонидан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди. Кейин қилмишимдан астойдил пушаймон бўлдим, лекин вақтни орқага қайтариб бўлмас экан.
Жазони ўташ даврида озодлик деган неъматнинг қанчалик қадрли, бебаҳо эканлигини тушуниб етдим. Муҳтарам Президентимизнинг фармонига мувофиқ, бир қанча маҳкумлар қатори мени ҳам кечиришди. Пробация ходимлари ҳолимдан хабар олиб, тиббий кўрикдан ўтишга, шунингдек «Руслан Коммунал» МЧЖга ишга жойлашишимга яқиндан ёрдам беришди.
Бундан буён ҳалол меҳнатим билан эл-юртимга наф келтиришни ният қилганман, — дейди қорақалпоғистонлик афв этилганлардан бири.
Мамлакатимиз Президентининг 2026 йил 19 мартдаги фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 12 нафар шахс афв қилинган эди. Улардан 3 нафари жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди. Бир нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси эса енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, пробация ҳисобига олинди.
Шунингдек, пробация ҳисобидаги жазо ўтаётган 8 нафар шахс жазодан тўлиқ озод этилди. Ушбу шахсларнинг барчасига ҳар томонлама ёрдам бериляпти, жамоатчилик вакилларидан мураббийлар бириктирилган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Баҳрам Уббиниязов.
Ҳа, кишининг ҳаётда билиб-билмай адашиши, хато қилиши бор гап. Энг асосийси, унинг ўз қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, қатъий тузалиш йўлига ўтишидир. Бундайларни афв этиш инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенгликдан нишона.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган фармонида бу фазилатлар ўзининг ёрқин ифодасини топди. Эндиги вазифа афв этилганларга жамиятда ўз ўринини топишида кўмаклашишдан иборат. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида бу борада бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Бахадир Нуржанов, майор. Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.
