Уюшмаган ёшлар. Келажакка эътибор
2026-04-11 21:35:00 / Янгиликлар

Пешку туманида маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан биргаликда 32 минг 850 нафар йигит-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, улар билан индивидуал ишлаш тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Хусусан, Ички ишлар, Мудофаа ва Адлия бошқармалари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда «Ватанпарварлик ва миллий қадрият» ҳамда «Ҳуқуқий билимлар» мавзуларида ёшлар билан суҳбат ва ўқув семинар-тренинглари, уюшмаган ёшларнинг музей, уй музейлари, тарихий обидаларга экскурсияси ташкил этилди.
Шу билан бирга, тумандаги умумтаълим мактабларида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган вилоят чемпионати кубоги мусобақаларида, 18 ёш тоифасидаги ўғил болалар ўртасидаги мусобақада терма жамоа фахрли биринчи ўринни эгаллади. «Ҳуқуқий ахборот», «Ёш китобхон» тадбирлари ва «Ҳуқуқий заковат» интеллектуал ўйинлари ҳамда ёшлар муаммоларининг ечимига кўмаклашиш мақсадида адлия органлари билан ҳамкорликда 5 та «Ҳуқуқий маслаҳат» майдони ташкил этилди.
Ёшларнинг онгида коррупция ва уюшган жиноятчилик — жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллатлигини тарғиб қилувчи 1 та ўқув ва 55 та тарқатма материаллар тайёрланиб, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида бир маротаба сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Ёшларни замонавий касб (IT, хорижий тил) тўгаракларига жалб қилиш, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Низоли ва ажрим ёқасига келган оилаларнинг 6 нафар вояга етмаган фарзандларига психологик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, Навоий маҳалласида жойлашган 46-сонли ўрта таълим мактабида Кўчма тиббий пункт ташкил этилди ҳамда ёшлар шифокорлар кўригидан ўтказилиб, тиббий маслаҳатлар олишлари ташкиллаштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ёшларга эътибор қаратсак, вақтида таянч ва суянч бўлсак, келажагимиз порлоқ ҳамда фаровон бўлади.
Ражаб ШАРОПОВ, капитан.
Бухоро вилояти.
