Сурхондарёда сайёр қабуллар орқали аҳоли муаммоларига ечим топилмоқда
2026-04-11 11:15:00 / Янгиликлар

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2026 йил 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур топшириқларга мувофиқ, аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда мурожаатлар сонини камайтириш мақсадида вазир ўринбосарлари, вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари томонидан ҳар чоракда камида уч маротаба сайёр қабуллар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Ушбу қабуллар натижадорлиги юзасидан аниқ топшириқлар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда. Шу асосда, Вазирлик ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Улуғбек Мирзақамбаров жорий йилнинг 10 апрель куни Сурхондарё вилоятида бўлиб, фуқаролар учун сайёр қабул ўтказди.
Қабул давомида жами 25 та мурожаат ўрганилиб, уларнинг 23 таси ижобий ҳал этилди, 2 та мурожаат юзасидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Хусусан: 16 нафар шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги масаласи ўрганилиб, уларга ID-карталар расмийлаштириб берилди, 2 нафар фуқаронинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш масаласи тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилди, 3 нафар чет эл фуқаросига доимий яшаш гувоҳномаси бериш масаласи кўриб чиқилиб, ID-карталар расмийлаштирилди, 2 нафар 16 ёшга тўлган фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID-картаси тантанали равишда топширилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда миграция йўналишида кўтарилаётган муаммоли масалалар таҳлил қилиниб, уларни тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан зарур чоралар белгилаб олинди. Ҳудудларда ташкил этилаётган бундай сайёр қабуллар фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









