Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ҳамда Ички ишлар вазири иштирокида киберхавфсизлик масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди
2026-04-11 11:10:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида республикада киберхавфсизликни таъминлаш, замонавий ахборот таҳдидларига қарши курашиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда барча масъул раҳбарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари видеоселектор алоқа орқали иштирок этдилар.
Йиғилишда бугунги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бир шароитда кибержиноятлар сони ортиб бораётгани, айниқса, интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ноқонуний қўлга киритиш ва банк карталари билан боғлиқ жиноятлар долзарб масалага айлангани алоҳида таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, полковник Бахтияр Торебеков ўз маърузасида ҳудудда фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланиб қолиш ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шу билан бирга, кибержиноятларни барвақт аниқлаш, аҳолининг ахборот хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, профилактика ишларини кучайтириш, шунингдек, тегишли ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга киберхавфсизликни таъминлаш, фуқароларни турли хил интернет фирибгарликларидан огоҳлантириш ва бу борада тушунтириш ишларини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати









