ИИВ раҳбарияти томонидан Хоразм вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда Хавфсиз туризм тизими фаолият кўздан кечирилди
2026-04-10 10:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар тизимида хавфсизлик ва тартибни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида муҳим ўрганишлар давом этмоқда.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов Хоразм вилоятига ташриф буюриб, транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда “Хавфсиз туризм” тизими фаолиятини атрофлича кўздан кечирди.
Ташриф давомида, аввало, жамоат хавфсизлигини таъминлашда транспорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йўловчилар учун яратилаётган қулайликлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди. Замонавий техник воситалар, кузатув камералари ҳамда рақамли назорат тизимларининг самарадорлиги алоҳида эътибор марказида бўлди.
Шунингдек, “Хавфсиз туризм” тизими доирасида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун яратилган шароитлар, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий этилган механизмлар кўриб чиқилди.
Сайёҳларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг мурожаатларига зудлик билан жавоб қайтариш масалалари юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар давомида мавжуд камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш, тизим самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, соҳада илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш, профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ташриф якунида генерал-майор Баҳодир Мирзарахимов томонидан масъул ходимларга жамоат хавфсизлигини таъминлашда фидойилик, масъулият ва касбий маҳоратни янада ошириш юзасидан қатор топшириқлар берилди.
Мазкур ташриф транспорт хавфсизлиги ва туризм соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролар ва меҳмонлар учун хавфсиз муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи






