Хавфсиз маҳалла. Сувонобод — осойишта манзил
2026-04-09 15:50:00 / Янгиликлар

Наргиза (исми ўзгартирилди) турмуш ўртоғининг ичкиликка муккасидан кетганидан безор бўлди. На уйида ҳаловат бор, на рўзғорида барака. Фарзандлари ҳам ҳар кеч даданинг чайқала-чайқала кириб келишидан, ухлаб қолишини кутишдан безиллаб қолишган.
Оиладаги бу вазият маҳалла профилактика инспекторининг назаридан четда қолмади. У суд қарори асосида оила бошлиғини ичкиликбозликдан даволаниши мақсадида диспансерга жойлаштирди. Ҳартугул, ҳали ор-номусини йўқотмаган экан, эркак ўзини қўлга олди. Тиббий муолажалар ва ирода кучи билан ичкиликни буткул ташлади. Оилага ҳаловат, хурсандчилик қайтди. Маҳалла еттилиги бу оиланинг кейинги аҳволидан мунтазам хабардор бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаб турибди.
Пахтакор туманидаги «Сувонобод» маҳалласида 2025 йил ва жорий йил давомида биронта ҳам жиноят содир этилмагани тасодиф эмас. Маҳалла еттилигининг ҳамжиҳатлиги, айниқса, профилактика инспекторининг ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётгани боис, «Сувонобод» «яшил» тоифадаги маҳаллалар қаторидан тушгани йўқ.
- 4200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда ёшлар салмоқли ўринни эгаллайди. Уларни қўллаб-қувватлаш, ҳар бир ёш билан манзилли ишлаш учун «Ёшлар дафтари», бандлик дастурлари доирасида ўнлаб фуқаролар иш билан таъминланди. Тарбияси оғир ўсмирлар билан манзилли ишлаш, уларни тўғри йўлга бошлаш мақсадида мунтазам тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. Ҳар пайшанба ўтказиладиган профилактика тадбирлари доирасида аҳоли ўртасида ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилаётир. Ана шу тизимли ишлар самараси ўлароқ, ўтган йил маҳаллада бирорта ҳам жиноят ёки гиёҳвандлик ҳолати қайд этилмади, — дейди МФЙ раиси Шукрулло Ҳусинов.
Дарҳақиқат, ҳудудда ёшларни турли ҳуқуқбузарликлардан асраш, улар қалбида зарарли иллатларга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга устувор аҳамият қаратилган. Бу ерда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга жалб қилиш орқали салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор берилмоқда. Маҳалла спорт майдончаси, сунъий қопламали стадионда тез-тез спорт мусобақалари, дўстлик турнирлари ўтказиб турилиши бунга мисол.
Замонавий давр талаблари маҳаллада хавфсизликни таъминлашда янги ёндашувларни талаб этмоқда. Сувонобод бу борада ҳам илғор ҳудудлардан. Гарчи кўп қаватли уйлар бўлмасада, «ташвиш тугмалари» ўрнатилган объектлар ва қўриқлаш хизмати назоратидаги уйлар сони кўпайиб бормоқда. Фуқаролар уй-жой ва мулк дахлсизлигини ишончли қўлларга топширишмоқда. Маҳалла кўчаларига 12 та кузатув, 3 та юз ва авторақамни таниб олувчи камера ўрнатилиб, улар вилоят ИИБ «Қалқон» платформасига уланди. «Менинг инспекторим» боти орқали аҳоли профилактика инспектори билан бевосита алоқа ўрнатиш имконига эга бўлди. Ҳозирда 1000 нафардан зиёд фуқаро мазкур мобил илова орқали ҳудуд профилактика инспекторига мурожаатларини онлайн режимда йўллашмоқда.
- Мен бундан 5 йил муқаддам хизмат фаолиятимни шу ерда, шу лавозимда бошлаганман. Ўша пайтда қотиллик, босқинчилик каби жиноятлар қайд этилган эди. Ўтган йиллар давомида туну кун патруллик қилиш, тинимсиз меҳнат ҳамда профилактик тарғиботлар, маҳалла еттилиги билан ҳамжиҳатликда ишлаш орқали ҳудуднинг «яшил» тоифага ўтишига муваффақ бўлинди, — дейди профилактика инспектори, капитан Шавкат Иброҳимов. — Барча идоралар ва аҳоли ҳамжиҳатликда иш олиб бораётгани самара бермоқда. Рақамлаштириш, «Пойтахт намунаси» асосида келгусида ҳам барқарорликни сақлаб туриш, маҳалла осойишталигини доимий асосда таъминлашга эришиш ниятидамиз.
Муқаддас Сапарова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Жиззах вилояти
