Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан сайёр қабул ўтказилди
2026-04-09 12:15:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида «аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш» масаласи мутлақо янги босқичга олиб чиқилиши алоҳида таъкидланиб, эндиликда бу йўналишда эскича ёндашувлардан воз кечилиб, янада самарали, манзилли ва натижадор тизимни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилган эди.
Айни шу мақсадда Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан вилоят миқёсида мурожаатлар сони юқори бўлган ҳудудларда аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, муаммоларни жойида ўрганиш ва тезкор ечим топишга қаратилган манзилли сайёр қабулларни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Хусусан, навбатдаги ана шундай манзилли сайёр қабул Сирдарё тумани «Адолат» маҳалласида бўлиб ўтди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳузурида ўтган қабулда туман ҳокими, идора ва ташкилотлар мутасадди раҳбарлари, маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари, жумладан ёшлар, хотин-қизлар, кекса нуронийлар иштирок этди.
Тўғридан-тўғри мулоқот давомида қабулда иштирок этган 25 нафар фуқародан жами 37 та мурожаат, таклиф ва ташаббуслар келиб тушди. Хусусан, бандлик, ички йўлларни таъмирлаш, уй-жой билан таъминлаш, соғлиқни тиклаш, кадастр, суд ва тергов ҳужжатлари юзасидан мурожаатлар билдирилди. Рўйхатга олинган мазкур мурожаатлар жойида тегишлилиги бўйича масъуллар билан муҳокама этилиб, уларни ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Қабул давомида мурожаатларнинг кўп қисмига жойида ечим топилган бўлса, айрим масалалар вақт ва қўшимча ўрганиш талаб қилганлиги сабабли, масъуллар ва муддат белгиланиб, бошқарма бошлиғи томонидан назоратга олинди.
Фуқаролар мурожаатларига тезкор ечим топиш ва аҳоли орасида давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган сайёр қабуллар ҳудудларда давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



