Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида Президент 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида ўқув-амалий семинар ташкил этилди
2026-04-09 11:40:00 / Янгиликлар

Унда қарор ижросига масъул Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ИИВ академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Криминология тадқиқот институти профессор-ўқитувчилари, шунингдек, ҳудудий прокурорлар, ички ишлар органлари раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди.
Семинарда Тошкент вилоятида жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ҳамда илмий ёндашувлар асосида тизимли ишларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги 3 йилда “қизил тоифа”га киритилган 40 та маҳалла 5 та олий таълим муассасасига бириктирилиб, олим ва мутахассислар томонидан чуқур ўрганишлар олиб борилган. Натижада жиноятчилик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
Шунингдек, оилавий низоларни медиация орқали ҳал этиш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва улар билан манзилли ишлаш, шунингдек “Ҳуқуқ мактаби” платформаси орқали онлайн таълимни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда маҳаллаларда жиноятчиликни камайтиришда илмий диагностика усулини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Етакчи олийгоҳлар илмий салоҳиятини “қизил” маҳаллаларга йўналтириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий-психологик омилларини чуқур таҳлил қилиш ва илмий асосланган профилактика тизимини шакллантириш белгиланди.
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Тошкент вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати



