Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ички ишлар органлари ходимлари учун аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган махсус ўқув курси давом этмоқда
2026-04-09 06:10:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 13-март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги Ички ишлар ходимларининг муомала маданиятини ошириш ва тергов сифати яхшилаш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур ўқув семинарига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят ички ишлар органлари тергов раҳбарлари ҳамда марказий шаҳар-туман тергов бошлиқлари жалб этилган бўлиб, ўқув жараёнлари Президент Администрацияси тегишли таркибий бўлинмалари, Олий Мажлис Сенати, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адвокатлар палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, шунингдек, Академиянинг малакали профессор-ўқитувчилар ва соҳа экспертлари иштирокида ташкил этилди.
Хусусан, Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов томонидан тергов сифати, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар қаттиқ танқид остига олинди. Ушбу йўналишда жисмоний ва юридик шахслардан келаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, тергов сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
Тергов йўналишида келаётган мурожаатлар инсонлар тақдири билан боғлиқ эканлигини ҳисобга олиб, уларни шунчаки қайд этиш эмас, балки уларни таҳлил қилиш, қонунийлик принциплари асосида малакалаш лозимлиги таъкидланди.
Ушбу ўқув курсидан кўзланган асосий мақсад ҳар-бир ходимнинг келгуси фаолиятида янгича ёндашувни шакллантириб, соҳага нисбатан фуқароларимиз ишончини оширишдир. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Махсус ўқув курси ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати



