ИИВ раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядининг хизмат фаолияти ўрганилди
2026-04-08 11:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат самарадорлигини ошириш, шахсий таркибнинг жанговар ва хизмат тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядининг хизмат фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида отряднинг моддий-техник таъминоти, шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги, хизмат интизоми ҳамда тезкор вазиятларга шайлиги атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, ходимларнинг кундалик хизмат фаолияти, жамоат тартибини сақлаш ва фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш кўникмалари амалда синовдан ўтказилди.
Генерал-майор томонидан отряд фаолиятида эришилган ижобий натижалар алоҳида қайд этилди. Айни пайтда мавжуд камчиликлар юзасидан аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди. Хусусан, шахсий таркибнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Хизмат шароитларини янада яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўрганиш ишлари тизимда хизмат самарадорлигини ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаролар тинчлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



